Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан

Иброҳим, Исмоил, Яқуб, Закариё каби ўтган пайғамбар алайҳимуссаломларнинг гўзал исмларини кўп ва хўп эшитамиз. Фарзандларимизни ўша исмлар билан номлаймиз. Лекин жуда камчилигимиз бу исмларнинг маъноларини биламиз. Баъзилар бу исмлар маъносини билиш учун араб тили луғатларига мурожаат этадилар. Воҳоланки, аксар пайғамбарлар Бани Исроилга юборилгани боис уларнинг исмлари ибронийчадир. Инсонлар фарзанларига қўяётган исмлари маъносини яхши билиб олиб қўйишлари мақсадга мувофиқ. Шунинг учун бу мўъжаз мақолага қўл урдик.

Одам алайҳиссалом Маъноси: Ер, тупроқ. Инглиз  тилида: Adam. Русчада: Адам

Нуҳ алайҳиссалом Маъноси: Ҳодий – ҳидоятга чақирувчи. Инглиз тилида: Noah. Русчада: Ной

Идрис алайҳиссалом (Биринчи бўлиб қалам билан ёзганлар. Аллоҳ таоло бу зотни тўртинчи осмонга кўтариб қўйган) Маъноси: Асос солувчи ва бағишловчи Инглиз  тилида: Enoch

Ҳуд алайҳиссалом Маъноси: Рафиқ – дўст. Тўрт араб пайғамбар: Ҳуд, Солиҳ, Шуайб, Муҳаммад алайҳиссолату вассаломларнинг бири. Инглиз тилида: Heber

Солиҳ алайҳиссалом Маъноси: Солиҳ – салоҳиятли. Инглиз тилида: Shelah

Лут алайҳиссалом Маъноси: Беркинувчи, яширинувчи. Инглиз тилида: Lot

Иброҳим алайҳиссалом Маъноси: Умматлар отаси. Инглиз  тилида: Abraham. Русчада: Авраам.

Исроил алайҳиссалом Маъноси: Аллоҳ йўлида қаттиқ жидди жаҳд қилувчи, Муҳофаза қилувчи Инглиз тилида: Israel Ибронийча исми маъноси: Эргашувчи, ўринбосар бўлувчи.

Исҳоқ алайҳиссалом Маъноси: Кулувчи, ҳушчақчақ. Фаришталар онаси Сорага хурсандчилик хабарини берганларида ҳайратда қолганидан қўлини юзига қўйиб кулиб юборди. Фарзандли бўлганида бу  фарзандим  хабари келганида кулган эдим, шунинг учун уни Исҳоқ деб номлагум деди. Исмоил алайҳиссаломга ота бир, она бошқа ини. Инглиз  тилида: Isaac. Русча: Исаак

Исмоил алайҳиссалом Маъноси: Аллоҳ қабул қилди. Ҳожар она Сафо ва Марва орасида чанқоғини босиш учун сув излаб бориб келарди. Олти маротаба бориб келди. Сув топа олмади. Еттинчи мартада Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилди. Шунда:«Аллоҳ дуойимни қабул қилди»,  деди. Шукр тариқасида ҳам дуою фиғонининг қабул бўлганидан эсдалик бўлиб қолиши учун фарзандини Исмоил – Аллоҳ қабул қилди деб номлади. Инглиз  тилида: Ishmael. Русчада: Исмаил

Юсуф алайҳиссалом Каримнинг ўғли Каримнинг ўғли Каримнинг ўғли Карим. Юсуф ибн Яқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимуссалом Маъноси: Аллоҳ зиёда қилади. Ҳақиқатда қўйилган исмдан соҳибига насиба бўлади деганларидек, Аллоҳ Юсуф алайҳссаломнинг чиройини ва бошқа яхшиликларини зиёда қилиб берди. Пайғамбаримиз унга бутун гўзалликнинг ярми берилган деганлар. Инглиз  тилида: Joseph. Русчада: Иосиф

Юнус алайҳиссалом. Ироқдаги Найнаво аҳлига пайғамбар этиб юборилган. Балиқ қорнида уч кечаю уч кундуз қолиб кетган. Маъноси: Кабутар. Инглиз  тилида: Jonah

Айюб алайҳиссалом Маъноси: Тўғри йўлда юрувчи. Инглиз  тилида: Job

Шуайб алайҳиссалом Маъноси: Устун бўлувчи, ажралиб турувчи. Инглиз  тилида: Jethro

Мусо алайҳиссалом Маъноси: Қутқарувчи, халоскор. Инглиз  тилида: Moses. Русчада: Моисей

Ҳорун алайҳиссалом Маъноси: қувват жойи. Инглиз  тилида: Aaron. Русчада: Арон

Илёс алайҳиссалом Маъноси: Робб – менинг Илоҳим. Инглиз тилида: Elijah

Алясаъ алайҳиссалом Маъноси: Парвардигор – менинг халоскорим. Инглиз  тилида: Elisha

Зулкифл алайҳиссалом Маъноси: Аллоҳнинг қуввати. Инглиз тилида: Ezekiel. Русчада: Иезикиль

Довуд алайҳиссалом Маъноси: Маҳбуб, суюкли. Инглиз  тилида: David. Русчада: Давид

Сулаймон алайҳиссалом Маъноси: Салом берувчи. Инглиз  тилида: Solomon. Русчада: Соломон

Узайр алайҳиссалом Маъноси: Ёрдамлашувчи. Инглиз  тилида: Ezra.

Дониёл алайҳиссалом Маъноси: Аллоҳнинг қазоси, яъни ҳукми. Инглиз  тилида: Daniel. Русчада: Данил

Закариё алайҳиссалом Маъноси: Аллоҳнинг зикри, яъни зикр этувчи. Инглиз  тилида: Zachariah

Яҳё алайҳиссалом Маъноси: Меҳрибон, ёқимли. Инглиз  тилида: John

Исо алайҳиссалом Маъноси: Аллоҳ халос этади, қутқаради. Инглиз  тилида: Jesus. Русчада: Иисус

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маъноси: Тўхтовсиз мақталувчи. Инглиз тилида: Mohammad. Русчада: Мохаммед

 

Ўринбоев Равшан Андижон шахар, Хазрати Билол жоме масжиди имом хатиби

манба: Siyrat.uz