Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан

Алишер Навоий айтади: “Тарбиянинг бири болага яхши от қўйиш бўлиб, уни исми билан чақирганларида, у уяладиган бўлмаслиги керак”.  Чиндан ҳам, гўдакка қўйилган исм нодир ва бетакрор совға, умрбод йўлдошдир.

Ота-она ўз фарзандига муносиб исм танлашга интилиши табиий ҳол. Барчага равшанки, исм оилада, жамоада одамларнинг бир-бирини фарқ қилишлари, ўзаро муомалада бўлишлари учун амалий ёрдам беради. У танланаётганда, нафақат ана шу эҳтиёж, балки исмлар замирида ота-онанинг орзу-истаклари, ниятлари ҳам ўз тажассумини топади.
Халқимизда болага исм қўйиш жараёни қадимдан турли-туман халқона эътиқод, ишонч ва хилма-хил удумларни адо этиш билан боғлиқ бўлган. Олимлар бунда халқнинг этнографик ва тарихий анъаналари беқиёс ўрин тутишини таъкидлашади. Бундан шундай хулоса чиқадики, исмлар бир миллатнинг узоқ ўтмишидан, яшаш тарзидан ва орзу-ўйларидан дарак берувчи муҳташам манбалардир. Исмларга шунчаки Алидан Валини ажратувчи восита сифатида эмас, балки миллатнинг тарихи ва келажагини боғлаб турувчи бир ҳалқа сифатида қараш жоиз.
ўоятда бой, хилма-хил, ўзбек халқи этнографияси, этник маданияти, маънавияти ҳамда тарихининг бетакрор мероси эканини кўрсатадиган ўзбек тилидаги исмлар мажмуаси она тилимизнинг қимматли ва бебаҳо бойлигидир. Ушбу хазина нафақат кундалик ҳаётимизга, айни пайтда бадиий асарларга ҳам жозиба бағишлайди. Шундай асарлар борки, уларни ёдга олсак, албатта, машҳур қаҳрамонлар исми тезда хаёлимизга келади. Ўзбек  адабиётининг қудратини муайян маънода Алпомиш, Барчиной, Отабек, Кумуш, Зумрад, Анвар, Раъно каби қаҳрамонлар исмлари билан ҳам боғлиқ дейиш мумкин. Халқимиз орасида кенг тарқалган юқорида келтирилган исмларнинг аксарияти ана шундай асар қаҳрамонларига ҳавас-ла қўйилгани бор гап. Демакки, миллий ўзликни англашга интилиш, у билан боғлиқ миллий қадриятларимизни ўрганиш, қайта кашф қилиш, халқимизнинг тарихий битиклари — фольклор, бадиий меросидаги қаҳрамонларнинг исмини болага қўйиш удумининг ортиши учун исм қўйгувчиларнинг ҳам муайян билими, салоҳияти бўлиши керак.
Бадиий матнда ижодкорнинг исмлардан турли бадиий мақсадда фойдаланишини кузатиш мумкин. Жумладан, исмларни қисқартириб қўллаш ёки атайлаб бузиб талаффуз қилишда ҳам муайян бадиий ният кузатилади. Ёзувчи ушбу ҳолат орқали қаҳрамонлар ўртасидаги муносабатни ёритиши мумкин. Аммо кундалик ҳаётда бу ҳолат салбий тарзда қабул қилинади. Кексаларимиз ўгитларида “Исмни қисқа айтманг, инсон қулоғига энг ёқимли эшитиладиган сўз — бу унга мурожаат қилган вақтингизда исмини айтганингиздир, ҳатто, қисқартириб айтилган исм инсон умрини ҳам қисқартиради”, деган фикрлар учрайди. Шундай экан, ота-онамиз, бобо-бувимиз ҳавас-ла қўйган мерос — исмларни тўлиқ айтишга ҳаракат қилайлик, оилада ҳам бу миллий маънавият, маданиятга дахлдор ҳолатга бефарқ бўлмайлик.  Зеро, ўзлигимизга, тилимизга бўлган эътибор исмларимизда ҳам зуҳур топар экан, уларни бошқа шаклларга ўзгартириб ёки ясаб мурожаат қилишимиз, мутлақо мумкин эмас.

Дилрабо АНДАНИЁЗОВА,
тадқиқотчи.

Манба: Old.xs.uz