Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан

— Аёлимнинг кўзи ёришига яқин қолган кунларда телевизорда машҳур корейс сериали давом этаётганди. Дамба-дам ҳазиллашиб: “Онаси, ўғилчамизнинг исмини “Жумонг” қўямиз”, дердим. Фаришта “омин”, деган экан. Ўғлим туғилгач, жўралар билан улфатчилик қилиб, маст ҳолда ФҲДЁга борибман-у боламга ростдан ҳам  “Жумонг”, деб исм қўйибман. Энди бундан жуда афсусдаман. Ҳужжатида Жумонг бўлса-да, ўғлимни “Меҳриддин” деб чақирамиз. Келаси йил мактабга боради, ўртоқлари устидан кулмасмикан…

Ота-онанинг ўз зурриёди олдидаги бурчларидан бири унга улғайганида уялмайдиган, муносиб исм қўйишдир. Афсуски, бугун кейинини ўйламай, маъно-мазмунига аҳамият бермай исм танлаш ҳоллари жуда кўпайган. Айниқса, сериаллардан таъсирланиб, боласини корейс, турк ҳатто мексикаликлар исми билан атаётганларни кўриб ҳайрон қоласан, киши.

— Қизчамнинг отини “Тангем” қўйдик. Ўзимиз ўқимадик, зора шу ўқиб, катта дўхтир бўлса, — дейди бир танишим. Тўғри, ота-она борки, фарзандининг бахт-камолини кўришни истайди. Ўзининг армонлари унда ушалишини хоҳлайди. Суҳбатдошим ҳам шулар қаторида қизининг келажакда ўқимишли, эл корига ярайдиган инсон бўлишини орзу қилаётгани яхши, бироқ, фарзандига Тангем эмас, масалан, ўзини ёки бирон яқинини даволаган  ўзбек врач аёлининг исмини ният қилиб қўйса ҳам бўларди-ку.

Айтиш жоизки, исм танлашда фақат бугун хатоликка йўл қўйилаётгани йўқ. Сўз моҳиятини англамай ном бериш аввал ҳам бўлган. Масалан, Аллоҳ таолонинг исм ёки сифатларидан бўлмаган сўзларга “Абду” қўшимчаси қўшиб исм ясаш, “Абдуҳошим”, “Абдуқундуз”, “Абдурасул”, “Абдунаби” каби. Ёки аксинча, Аллоҳ таолонинг исм ёки сифатларига “Абду” қўшимчасини қўшмай исм ясаш. Масалан, Раҳмон, Самад, Аҳад.

Исломда пайғамбарлик ва рисолат маъносини билдирувчи исмларни қўйиш ҳам хатокорлик ҳисобланади. Булар Наби(й), Расул, Мурсал, бўлиши мумкин . Маъбуда, Раббим, Эгам, Санам, Илоҳа каби номлар ҳам учрайдики, бу илоҳликни даъво қилувчи ёки куфр ва ширк маъноларини англатади. Инсонни жуда улуғлаб, кўкларга кўтарувчи Шаҳаншоҳ, Маликул Амлок, Буюк, Акбар, Мубарра ёки  Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил каби фаришталарнинг исмини қўйиш ҳам тўғри эмас. Руҳий сиқиқлик, ғам, алам ва қайғу маъноларини англатувчи Ҳазн, Маҳзуна, Мазлума кабилар ҳам ножоиз исмлар ҳисобланади. Ҳамиша учрайдиган яна бир жиҳат, нори билан туғилди, деб Норали, Норгул, Нормурод, деган исмларни қўйиш. “Нор” қўшимчаси аслида форсча бўлиб, “қизил ранг” маъносини билдирса-да, мазкур сўз араб тилида “жаҳаннам, дўзах” мазмунини ифодалайди.

— Ҳозирги кунда кишиларга ном беришда унинг маъносига эмас, кўпроқ жарангдор оҳангига эътибор қаратилаяпти, — дейди НДПИ ўзбек тилшунослиги кафедраси ўқитувчиси Гулноза Эрназарова. — Масалан, Албина, Семора, (се-уч, мор-илон), айрим санъаткорларнинг таҳаллуслари Замзама, Тамилла, Каниза ва ҳакозо.

Ўзбек номшунослари олдида аста-секин тарихга айланаётган, унутилаётган исмларни иложи борича тўлиқ тўплаш, илмий таҳлил қилиш, изоҳли луғатларини тузиш, уларнинг пайдо бўлиши билан алоқадор расм-русумлар, одатлар, анъаналарни ўрганиш ва илмий жиҳатдан умумлаштиришдек ғоят муҳим вазифалар турибди.

Яқинда нуфузли ташкилотнинг раҳбари номидан мақола тайёрлашимга тўғри келди. У ўзи берган маълумотлар остига фамилиясини “Джураев”, деб ёзган экан. Бу газетага шундай кетса, хато ҳисобланади, “Жўраев” шаклида ёзсак, муаллифнинг паспортидаги фамилияни бузиб кўрсатган бўламиз.

— Кейинги пайтда “зода” қў­шим­часига қизиқиш кучайди, — дейди Хатирчи туман ФҲДЁ бўлими мудираси Насиба Тўраева. — Тўғри, исм-шарифни қандай ёздириш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи, бироқ, ҳар нарсада меъёрни унутмаслик керак. Чақалоққа туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олаётган оталар, баъзан, буви-бува, амма-хола, амаки-тоғалар билан соатлаб суҳбатлашишимизга тўғри келади. Чунки исм танлаш ҳам масъулиятли иш, бу инсоннинг тақдирига боғлиқ масала.

— Мен туғилганда отам Афғо­нис­тонда хизматда бўлган, — дейди бир суҳбатдошимиз. — Отамдан хавотирланиб юрган бобом менга “Афғон”, деб исм қўйганлар. Отам хизматдан ногирон ҳолатда қайтгач, менинг исмимни тилга олгиси келмасди, чунки, бу унга умрининг мудҳиш дамларини эслатарди. Кейин ўзи ФҲДЁ бўлимига бориб, менга “Тинчлик”, деб қайта исм қўйди. Баъзида исмимдан кулганларни ҳам кўраман. Лекин, мен отамни тушунаман, исмимдан асло норози эмасман, аксинча бундан фахр­ланаман, дунёда ҳамиша тинчлик бўлишини истайман.

Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал. Дунё тамаддунига тамал тошини қўйган аждодларимиз ана шу ғоя асосида иш тутганлар. Бугун биз ҳам фарзандларимизга исм танлашда шу ғояни унутмайлик. Зотан, исм ҳам эзгу фикр ва эзгу сўздан иборат бўлса, бу эзгу амалга-да йўл очади, шубҳасиз.

Холбиби САФАРОВА

манба: Dustlikbayrogi.uz