Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан Тўлиқ ТВ программалар рўйхати | Россия, Узбекистан, Ташкент, Андижан, Бухара, Джизак, Навои, Наманган, Самарканд, Сурхандарья, Фергана, Хорезм, Каракалпакстан

— Коллежда бирга ўқийдиган ўртоғимнинг исми Муҳаммадумар. Айрим болалар ва қизлар уни “Умар” деб, баъзилари “Муҳаммад”, деб чақиришади. Бу эса дўстимни ранжитади. Шу боис у исмини тоқ айтиб бўлмайдиган бошқа исмга ўзгартирмоқчи. Бунинг учун қандай йўл тутиш керак? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

Шерзод АБДУЛЛАЕВ,

Қўқон шаҳри

Саволга Қўштепа тумани ФҲДЁ бўлими мудири Барнохон МЎМИНОВА жавоб берди.

— Аввало шуни айтиш лозимки, ўзини ҳурмат қилган киши ҳеч қачон бошқаларнинг исмини тоқ айтмайди. Ўртоғингизга келсак, унинг исми жуда чиройли. Фақат у исмини ўзгартиришга шошилмасин. Зеро, “Чиройли исм — инсон ҳусни” деб бежиз айтилмаган. Дастлаб бу борада устозларнинг, коллеж раҳбариятининг ёрдамига суянсин. Борди-ю, шунда ҳам муаммо ҳал бўлмаса, кейин ота-онаси ва яқинлари билан маслаҳатлашган ҳолда исмини ўзгартирса бўлади. Чунки, амалдаги қонунларимизда фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилган. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 15-моддасига биноан агар фамилия, исм ва ота исми эшитилишда ёқимсиз бўлса ёки ўша шахснинг миллатига тўғри келмаса, шахс никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишни хоҳласа, оилада бир хил фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлса (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилияни танламаган бўлса) ҳамда ФҲДЁ органи томонидан узрли деб топилган бошқа асосларга кўра ўзгартирилиши мумкин. Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи 16 ёшга тўлгач, турар жойдаги ФҲДЁ органи томонидан кўриб чиқилади. Аризага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ёки никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, ариза берувчининг паспорти ёхуд шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма, агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси ҳамда 1 дона (3 х 4 ўлчамли) фотосурат илова қилинади. Борди-ю, 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш ҳақида ариза берса, унда аризага туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви нусхаси илова қилинади.

Шундан сўнг ФҲДЁ бўлими мудири мазкур ариза ва йиғилган ҳужжатларни тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар бўлимига жўнатади. Ички ишлар бўлими эса уларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқиб, асосланган хулоса тузади ва ФҲДЁ органига тақдим қилади. Ана шу хулосага кўра, ФҲДЁ бўлими томонидан фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ёки рад қилиш тўғрисида хулоса тузилади. Натижада туғилганлик тўғрисида, никоҳни қайд этиш ёки никоҳдан ажратиш тўғрисида, болаларининг туғилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёзувларига тегишли ўзгартиришлар киритилади ва янги гувоҳнома берилади.

Кези келганда қонуний никоҳда турган эр ёки хотиндан бирининг фамилияси ўзгартирилиши иккинчисининг ҳам фамилияси ўзгаришига, ота-оналар ёки улардан бирининг фамилиясини ўзгартирганлиги эса вояга етган болаларининг фамилияси ўзгаришига сабаб бўлмаслигини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли. Фақатгина ота-оналардан ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилиши 16 ёшга тўлмаган болалар фамилиясининг ҳам ўзгартирилишига сабаб бўлади. Агар ота-онадан бири фамилиясини ўзгартирса, вояга етмаган болаларининг фамилиясини ўзгартириш масаласи ота-онанинг келишувига биноан, бундай келишув бўлмаганда эса васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади. Отанинг исмини ўзгартириши вояга етмаган болаларнинг ҳам ота исмини ўзгартиришни тақозо этади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш 45 кун мобайнида амалга оширилади. Агар тегишли далолатнома ёзувлари йўқолган бўлса, ўзгартириш улар тикланганидан кейин бажарилади.

Манба: Adolat.uz