“Раззоқ” араб тилида мубалаға сийғасида ишлатилади.

“Розиқ” бўлса “ризқ берувчи” бўлади.

“Раззоқ” бўлса “Роса ризқ берувчи” деган маънода бўлади.

Аллоҳ таолонинг رازق лигини ўзи қанчалик зот эканлигини билдиради. Агар ўзини رزاق деб сифатлаб берадиган бўлса, дунё халқлари сони тириллионга етганда ҳам, улар ризқсиз қолмайди. Бу дегани Аллоҳ бир одамни хаётда қандай ризқлантирса, миллиард одамни ҳам шундай ризқини етказади. Аллоҳ ризқ берганда ҳам барчани лол қолдириб беради.

“Раззоқ” ким? У шундай зотки, бандасининг қўлига ризқни беради, улар эса у ризқларини хоҳлаганича ейди, хоҳлаганича сарф қилади, хоҳлаган жойига сайр қилади, хоҳлаган маркабини олиб минади, хоҳлаган иморатларни қуради ва уларни шундай берилган ризқ билан овунтириб, овора қилиб қўйиб, камбағалларга эса ўзини танитиб қўйган зот “Раззоқ” бўлади. Бойларга моддий ризқ берган бўлса, камбағалларга маънавий, маърифий ризқ берган. Агар бой киши бойлигини устига Аллоҳни таниб қолган бўлса, иккала ризқдан ҳам ризқланган бўлади.

Пайғамбар с.а.в.нинг олдиларига бир киши келиб: “Бойлар биздан ибодатдаям, бойликдаям ўтиб кетдику” деса, Пайғамбар с.а.в: “Энди бу Аллоҳ таолонинг фазлида”, дедилар.

Ризқнинг энг каттаси бу қалб хотиржамлиги, шундайинки, унга яхшилик келса ҳам, ёмонлик келса ҳам Аллоҳга муомаласини тўғри қилаверади.

Агар инсон ризқни фақат егулик, ичимлик дейдиган бўлса, жуда катта хато қилибди.

Ояти карималарда Аллоҳнинг Раззоқлиги тўғрисида жуда кўп оятлар келган. Фотир сурасининг 3 оятида:

  1. «Сизларга осмону заминдан ризқ берадиган Аллоҳдан ўзга яратувчи борми?! Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!»

«Ризқ» деганда кўпчилик егулик ичимликни тушунади. Аслида эса Аллоҳнинг миллион хил ризқидан бир нави бу еб ичишликдир.

Асосий ризқ нима? Уламолар айтадиларки: «Баданнинг ризқи таом, еб ичиш билан, лекин руҳни ризқи эса маърифат билан бўлади.

Энди иккала ризқдан қайси бири устунроқ?

Аллоҳни танишлик — маърифат ризқи устунроқ.

Аллоҳ таоло бир бандага роса фойдаси кўп бир касбни берди, у орқали таомларни энг зўрларини емоқда.

Яна бир инсонга эса Аллоҳ таоло ўзини танитди, яъни маърифатини берди.

Аниқки маърифатли инсон Аллоҳни олдида ризқи кўп инсон ҳисобланади нега? Чунки Аллоҳ унга нафсни ризқиниям берган, руҳини ҳам ризқини бергани у маърифатдир.

Агар маърифат ризқи олий даражага кўтарилиб кетадиган бўлса, хатто биринчи баданий ризқга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Аллоҳ таоло «Юсуф» сураси 22 оятида: «Вояга етгач унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни шу тарзда мукофотлаймиз.»

Пайғамбаримиз с.а.в. бир ҳадисларида:  «Мен кечқурун ухламайман Роббим Ўзи мени таомлантиради ва суғоради» дедилар.

Бу таомланиш сиз билан бизнинг таомланиб овқат ейишимиздек эмас, бу руҳий озуқа.

Ризқнинг кенг бўлиш сабабларидан бири бу намоздир. Бунга далил «Тоҳа» сураси 132 оятида:    «Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз. (аксинча) Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат тақво (аҳли) учундир».

Ояти каримадан нозик бир нуқтани чиқариб олинган.

Яъни: «Сенинг ризқинг кенг бўлишини хоҳласанг, мен намоз ўқи демайман, чунки сен намоз ўқигувчисан. Балки мен айтаманки, намоз ўқияпсану, шу намозингни пухта қилиб ўқигин. Чунки намозда хушуъ билан туришлик намознинг фарзларидан. Таҳорат, қироат, қиём каби.

Аллоҳ таоло «Муъминун» сурасида: «Батаҳқиқ мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қиладилар»

Ҳаммод деган зот айтадилар: «Кунларнинг бирида жуда узоқ ёмғир ёғди. Қўшнимиз тул аёл бўлиб 2, 3 та етим қизлари бор эди. Тул аёл йиғлаб қизлари билан бирга «ёмғирни  тўхтат ё Роббим! Бўлмаса уйимиз бизни босиб қолади» деб дуо қилганди, ҳеч қанча вақт ўтмай ёмғир тинди. Мен уларнинг аҳволини кўриб ачинганимдан уйимдан бир неча танга тилла олиб унинг уйига кириб тул аёлга «мана бу сизлар учун, етим болаларингиз бор, уларга ишлатарсиз деб қўлига тутқазаётсам, уй ичкарисидан бир ёш қизчаси чиқиб: «Эй қўшни нима учун сиз биз билан Роббимиз ўртасига тушасиз, бизга агар ҳожат керак бўлса Роббимиздан сўрайверамиз, бу дегани Роббим ўзининг эшигидан бизларни четлатиб сизнинг эшигингизга рўпара қилди демакдир, биз Роббимга шикоят қилганимиздаёқ билгандим ўзи Худога шикоят қилишимиз билан бизга дунё юборишини сезган эдик, ёмғир ёғишидан шикоят қилган эдик Худо бизга дунёни жўнатиб ўзининг эшигидан ҳайдаб юборармикан деб ўйлаган эдик» деб қизча юзининг яноғини лой тупроққа қўйиб саждага бориб: «Аллоҳим иззатингга қасамки, сенинг эшигингдан ажралмайман» деб туриб «олиб келган тилларингизни олиб кетинг, чунки биз ҳожатимизни омонатларни қабул қиладиган ва унга муомала қилганларга бахиллик қилмайдиган Зотга ҳожатимизни айтдик, бунга эса ҳожатимиз йўқ» деди.

Хотамул Асом кунларнинг бирида рўза тутиб ифторга яқин уйларида ўтирсалар бир тиланчи келиб, “бирон нарса бўлса ҳам бергин” деган эди. У зот сўраганини бериб жўнатиб юбордилар. У уйдан чиқиб кетиши билан орқасидан бир киши бир саватда тўлдирилган мевалар олиб келиб берди. Уни қабул қилиб ўтиришлари билан бошқа бир тиланчи яна эшиқ қоқиб келиб қолган эди, унга қараб: «Хайрият, яхшиям келиб қолдинг, мен ҳозиргина қилган садақамни мукофоти бир зумда қайтариб берилдимикин, деб қўрққан эдим, келақол мана бу саватдаги меваларни ҳаммасини олиб кетавер деб ҳаммасини бериб уни ҳам жўнатиб юбордиларда бориб саватга қарасалар сават тагида бир неча тилла тангалар ҳам бор эди. Уни кўриб йиғлаб юбордиларда: «Эй Аллоҳим! Нега мен ҳар бир қилган яхшилигимнинг эвазини, мукофотини бу дунёни ўзидаёқ олиб қўйяпманку, унда охиратим учун нима қилайин» деб йиғлаб дуо қилдилар.

Агар бизда бирни эвазига бир келсаям хурсанд бўламиз, иттифоқо Аллоҳ Ўз ваъдасига биноан бирни эвазига ўнни бериб қўйсачи унда “етишиб қолибманку” деб валийликни даъво қиламиз. Агар озгина келмай қолса тағин Аллоҳга арз ҳам қилиб қўямиз. Улуғлар эса давлат келиб қолса қўрқишган.

Мусо а.с. муножотида: “Эй Аллоҳ мени баъзида кичик кичик ҳожатларим тушиб қолади, шу кабиларни ҳам сендан сўрайми ёки сендан бошқасидан ҳам сўрайверайми? Шунда Аллоҳ “Мендан бошқасидан сўрама” деди.

Инсон арзимас, каттами кичикми нарсага мухтож бўлса ҳам Роббисидан сўрасин, чунки Аллоҳдан бошқа ризқ берадиган зот йўқ.

Гўёки сизни бир яқин инсонингиз бор, у сизни ҳожатмандлигингизни билади ва сизга ғамхўрлик қилиб: “Бирор ёрдам керак бўлса менга айтгин, қўлимдан келган ёрдамимни сендан аямайман, мен туриб бошқасига бориб бошингни эгиб ялинишингни хоҳламайман, ҳаё қиламан” дейди. Бу дегани иккиси ўртасида яқинлик, дўстлик ниҳоятда кучли эканлигини билдиради. Аллоҳ таолочи, мўмин бандаларининг дўстику, энг яқин зотку. Аллоҳ таоло ҳам ўзи турганда, ўзида бўлатуриб, беришга қодир бўлатуриб бировдан сўраган яқин бандасига ғазаби келади, гўёки Аллоҳ таоло ҳам бизга бўлган муҳаббати ниҳоятда кучли эканлигидан: “Эй бандам шуни мендан сўрасанг мен ўзим берардимку юзингни сувини бировга оқизмай” дейди.

Бир вақтда бир йигит касб қилиш учун, шифохона очиш учун бор маблағини сарф қилиб ҳатто ўз онасининг касалини даволашга ҳам пули қолмабди. Ўйланиб ўтириб: “Кимдан бориб пул сўрасамикин” деб ўзига ўзи: “боре ҳеч кимдан сўрамайман, Аллоҳдан сўрайман” деб астойдил янги таҳорат олиб, намоз ўқиб кетидан дуода: “Эй Роббим, сен ўзинг валийсан, сен ўзинг ризқ берувчисан ўзинг менга ризқ бергин” деб ёлвориб сўрабди. Шифохонасига борса, касал ҳам касал бўлмаган ҳам, бир ўзимни текширтириб олайин деб ҳам келавериб мижозлар кўпайиб тез кунда анчагина маблағга эга бўлиб, онасини ҳам даволаш учун кетадиган ҳаражатни қоплайдиган пул йиғибди.

Инсон ўзининг жаҳлини, аччиғини ичига ютиб сабрли бўлишлиги учун аввало унинг бошига аччиғини чиқарадиган бирор ҳолат юз бериши керак бўлганидек, Аллоҳ ҳам бандасига ризқ беришни ирода қилганида, бандани ҳам шу берадиган ризқига муҳтож ҳолатга келтириб қўяди. Агар шундай ҳолатга тушмаса муҳтожлигини ҳис қилмас эди. Шунда банда уни ёки одамлардан сўрайди, ёки Аллоҳдан сўрайди,  уни имтиҳон қилиб синар экан, “Қани бандам кимдан сўраркин” деб.

Инсон бошига баъзида турли офатлар, қийинчиликлар тушади, шунда инсон айтсинки: “Эй Роббим мен муҳтожман, фақирман, сен ўзинг бергин”, деб Аллоҳга муножот қилсин.

Нафсингни фақат Аллоҳдан сўрашга одатлантиргин. Агар аёлингни намозда қоимлигини кўрдинг, дарҳол: “Я Роббий ўзингга ҳамд бўлсин” дегин. Агар уни намоз ўқимаётганини кўрсанг унда ҳам Аллоҳга “Я роббий уни намоз ўқишини сендан сўрайман” дегин.

Ўз ўғлингни тўғри йўлдан тойганини кўрдинг “Я Роббий ўзинг уни тарбиясини гўзал қил” дегин.  Ёки бирор иш сени ташвишга соляпти “Эй Роббим ўзинг холимни яхшилик томонга ўзгартир” дегин.

Энг қимматбаҳо нарсага муҳтож бўлган кимсалар Аллоҳга айтадиларки: “Менга жаннатни насиб қилгин, менга маърифатингни, ўзингни танишликни насиб қилгин. Сен мендан рози бўлмасингдан туриб мени вафот топтирмагин, аввал рози бўлиб кейин вафот эттиргин”, дейди.

Бошқа кимсалар эса роса йиғлаб: “Эй Роббим фалончида озгина пулим қолувди ўшани қайтартириб бергин”, “фалон ишимни битириб бер”, деб роса йиғлаб сўраган нарсасининг ниҳояси бу дунёнинг эҳтиёжидан уёғига ўтмайди. Сўровининг ҳеч бири охирати учун эмас.

Чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 200 оятида: “…Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам бўладики, у: “Эй Роббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейди. Ваҳоланки, унга охиратда насиба йўқдир. Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар.

Инсон яна бир мақомга чиққанида Аллоҳдан, “Эй Аллоҳ сендан фақат розилигингни сўрайман, бошқа сўрамайман” деб қолади.

Аллоҳ таоло инсонни ички дунёсини ҳам худди жасадини, танасини ризқлантиргандек ризқлантиради. Аллоҳ таоло бир инсонни намозни тўкис адо қиладиган қилди, ёки ҳаж ибодати билан икром қилса билсинки Аллоҳ таоло томонидан улкан ризқ билан ризқланибди.

Банда учун Аллоҳ таолонинг улкан ризқи, билсинки, унинг пешонасини саждага қўйдириб қўйишлигидир.

Инсон баъзида арзимас дунё келиб қолса хурсанд бўлади, лекин қимматбаҳоси бу эмас.

Инсон Қуръон ўқиди ва мана шу ўқиганининг маъносини ҳам Аллоҳ билдириб, тафаккур қилдириб қўйди, мана шу ризқ. Рўза тутган эди у орқали руҳий бир нарсани ҳис қилди бу ҳам улкан ризқ. Таровиҳ ўқиди нашот, дадиллик, тетиклик билан улкан зафар бу.

Гоҳо инсон вақтини арзимас нарсаларга сарф қилиб юборади, уни қилса ҳам бўларди қилмаса ҳам бўларди. Гоҳида эса вақтини ниҳоятда қимматбаҳо нарсаларга сарфлайди, вақтини керакли нарсаларга сарфлаши ҳам Аллоҳнинг ризқидир. Арзимас нарсаларга сарфлаши эса Аллоҳнинг ризқидан инсонни маҳрум қолишлигидир.

Аллоҳ таоло “Фажр” сурасида: “Бас энди инсонни қачонки, Парвардигори имтиҳон учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер.

  1. “Аммо қачонки, (Парвардигори) уни имтиҳон учун ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: “Парвардигорим мени хор қилди”, дер.
  2. “Йўқ аксинча сизлар етимни икром қилмайсизлар”.
  3. “Мискин (бечорага) таом беришга ҳам бир бирингизни тарғиб қилмайсизлар”.
  4. “Меросни эса (ўз улушингизга ўзгаларникини) қўшиб еяверасизлар”.
  5. “Яна мол дунёни қаттиқ муҳаббат билан севасизлар”.

Роббинг томонидан хорланишинг учун сен Роббингни қарз қилиб қўйган бўлсанг эди, ёки уни зиммасига беришлик вожиб бўлсайди, сўнгра бермаса “У мени хорлади”, десанг. Бу ерда инсон ўзини ўша неъматга ҳақлиман деб билишлиги ва ҳақли деб билмаслиги бор.

Аллоҳ таоло унга имтиҳон қилиб ёқтириб қўйган тақдирда ҳам, инсон айтадики: “Роббим мени икром қилди, мен шу икромга ҳақлиман, лойиқ эдим”, дейди. Уни мана шу неъматга лойиқлигини қаердан биласиз? Чунки у Аллоҳ ундан олиб қўйганда: “Роббим мени хорлади, мен у неъматга ҳақли эдим” дейдида.

Аллоҳ таоло инсонга гоҳида зоҳирий ризқини кенг қилиб, гоҳида тор қилиб қўяди, шунингдек руҳий ризқини ҳам гоҳида тор, гоҳида кенг қилиб қўяди. Гоҳида намоз ўқийди, у намозида на хушуъ бор, ҳатто қайси сурани зам қилганини ҳам эсидан чиқаради. Бу нарса Аллоҳ таоло у банданинг руҳий озуқасини танг қилиб қўйгани бўлади.

Бир киши айтади: “Мен ҳисобчиман, ҳисобда роса адашиб қийналаман, лекин намозга киришганимда уни ечимини топиб оламан”, дейди. Бунга жавоб шуки, бундай ҳолат яхшилик эмас, аксинча, Аллоҳ тарафидан унинг руҳий ризқига тўсиқ бор, дегани, чунки у намозда ундай нарсаларни ўйламаслиги керак эди.

Ҳар бир гуноҳ руҳий озуқага тўсиқ бўлади. Аллоҳ тарафидан келадиган руҳий ризққа тўсиқ бўлиб тураверади. Гоҳо инсон бетоқатлик билан: “Мана бир неча йилдан бери ҳеч қандай ўзгариш йўқ”, дейди, лекин инсон бунга ҳафа бўлмасин, чунки бунинг мисоли роса чанқаб туриб сув ичиб роҳатланганга ўхшайди. Гоҳида инсон ғафлатда қолганини билиб “ҳой Қуръон ўқимай қўйганимга ҳам бир неча кун бўлди”, деб астойдил Қуръон ўқишга киришиб кетади. Чунки баъзида рўзғорга гўшт келмай қолганидек, руҳий ризқлар кечикиб ҳам туради, чунки шу ризқни мазасини яхшироқ ҳис қилиш учун, бандани бир мақомдан иккинчи мақомга ўтказиш учун. Чунки Аллоҳ таоло бандани бир мақомда туришини хоҳламайди. Бир неча йилдан бери бир хил ибодат қилиб келяпти, олдига бирор нима қўшмаяпти, ибодатини мукаммаллаштирмаяпти, аввалдаям чала ўқирди ҳозир ҳам чала ўқияпти, бундай ҳолларда ҳам Аллоҳ таолдо ундан руҳий озуқани тўсиб тураверади. Масалан бомдодга тураолмагани учун кўнглида ғашлик пайдо бўлиб ўзини койиб қўйиши бир мақомдан иккинчи мақомга ўтишлиги деб баҳоланади.

Бир ўлкада бир йигит шакар сотиш билан шуғулланиб тирикчилик қилар экан. Бирдан ўша ўлкада уруш бошланиб кетиб юқоридан ҳукумат раҳбарлари келиб шакар сотишини таъқиқлаб босма босиб кетибди, то уруш тугагунча сота олмаган экан. Уруш тугагандан кейин шакарни нархи ошиб кетиб сотишга рухсат тегиб сотилмай қолиб кетган шакарларини аввалги нархидан юз баробарига сотиб, бойлиги боласини боласигаям етадиган даражада бойиб кетган экан.

Агар Аллоҳнинг ризқини келишлиги инсоннинг заковатигаю ва у ризқни бермаслиги инсонни аҳмоқлигига боғлиқ бўлганда эди, афсуски ундай эмас. Ҳолбуки қанчадан қанча ақлли инсонлар бор лекин камбағал, ёки, аксинча, қанчадан қанча ақли етук бўлмаган инсонлар бор анча мунча бойликни эгаси, масалан ота бобосидан мерос қолганми, аммо моли бор.

Довуд а.с. дуоларида:  “Эй буғосга ризқ берган зот, бизга ҳам ризқ бергин”, деб дуо қиларканлар.

بغاس деб қора қарғанинг янги туғилган полопонига айтилиб, у қушларнинг энг заифи бўлади. Қарғанинг боласи тухумни ёриб чиққанда, тухумга ўхшаб оппоқ холда чиқаркан, чунки унинг устки бир қатлами оппоқ ёғ билан қопланган бўлади. Она қарға буни кўриб, бу менинг болам эмас, чунки мен қораман бу эса оппоқ, деб полопонга қарамай, парво қилмас экан. Шунда Аллоҳ таоло у полопонни устидаги ёғидан озуқаланадиган ҳашоратларни жўнатиб қўяркан. Ҳашоратлар келиб унинг устидаги ёғларни еяр экан, полопон эса у ҳашоратларни териб ер экан. Ҳашоратлар ёғни еб битираркан у ҳашоратлар билан озуқаланиб секин секин устидаги ёғ қатлами кетиб янги қора патлари чиқиб кўрина бошлаганда уни кўрган она қарға: «Ҳа бу менинг болам экану” деб кейин унга қарай бошларкан. Полопон ниҳоятда кучсиз заиф ҳолида ҳам Аллоҳ таоло унинг ризқини етказиб қўяр экан. Шунинг учун Довуд а.с. дуода мана шундай зикр қилиб айтар эканлар.

Қадимда бир камбағал дурадгор уста бўлган экан.  Қачон бўлмасин тешасида ёғоч чопиб тирқ, тирқ қилиб “ўша кўрганим мени ризқим” деб хотиржам ишлайвераркан. Кунларнинг бирида бир бой киши унинг рўпарасига келиб: “Намунча сен қачон қарама шу гапингни такрорлайверасан, бундай дейишингни нима сабаби бор?” деб сўрабди. Дурадгор: “Мен бир туш кўрдим, тушимда барча инсонларни ризқи танитилди, кимникидир дарёдек, бириники ариқдек, кимникидир ирмоқдек, бириники кўлмакдек, кейин мен сўрадим: “Менинг умрим бўйи бериладиган ризқим қай бири?” дедим. Шунда менга бир четдаги кичкина ирмоқ кўрсатилди. Мен шундан бери хотиржамман, у ризқимдан бой ҳам камбағал ҳам бўлмайман, ундан ортиғини ҳам, озини ҳам олмайман дебди. Бой киши ҳа майли сени кўрамиз, деб кетибди. Уни синаш учун бир тансиқ таом тайёрлатиб лаган тагига бир неча тиллолардан қўйиб устига овқат солдириб дуродгорга бериб юборибди. Дуродгор овқатни қабул қилиб дастурхонга қўйиб, бир икки ошам олган жойида устози эсига тушиб қолибди. Анчадан бери устозимни йўқламаётган эдим, шундай тансиқ таом ўз оёғи билан келди, буни олиб бориб берсам устозим роса хурсанд бўлади, деб овқатни шундоқлигича устозининг уйига олиб берибди. Орадан бир неча кун ўтиб бой дуродгор яқинидан ўтаётиб: “Уста аҳволлар қалай? деб сўрабди. У: “Мени ризқим ўша кўрганим”, деб жавоб берибди. Бой таажжубланиб: “Ануви кундаги овқатдан кейин ҳам ўзгармадими?», деса. У: “Қандай овқат?” деди. Бой: “Бир лагандаги тансиқ таомда” деди. Дурадгор: “Шундай денг, мен анча вақтдан бери устозимни зиёратига боролмаётган эдим, иттифоқо шундоққини таом келиб қолган эди, уни шундоқлигича олиб бориб устозимга бериб зиёрат қилиб келдим”, дебди. Шунда бой: “Бўлди, сени бўлганинг шу экан ўзи”, деб Аллоҳнинг қисматига амин бўлиб қайтиб кетиб кетибди.

Хозирги замонамизнинг энг бой кишиларидан бири компьютернинг Windows’ини ихтиро қилган Билл Гейтс бир йилда атига 14 кун дам олиб тинимсиз ишлар экан. Молу давлати ўшанча бўлатуриб қалбида хотиржамлик йўқда. Билл Гейтсни хозирги кунда оғзи таъм билмас экан. Ширин нарсани еса ҳам барибир, аччиқ нарсани еса ҳам бир хил, совуқни ҳам, иссиқни еса ҳам бир хил кесак егандай бўлавераркан. Бундан маъно қани? Ҳатто топганини еб таъмини билмаяпти, бундан ҳам ачинарли алам борми?

Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби

манба: Shosh.uz